Ўзбекистонда қишлоқни ривожлантириш лойиҳаси доирасида қишлоқ хўжалигидаги бизнес имкониятлари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 17 октябрь куни Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг “Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш” (2-босқич) лойиҳаси доирасида БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалигида бизнес имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Самандар Садуллаев,
БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии, Ислом тараққиёт банки вакиллари, маҳаллий ҳокимликлар, вазирлик идоралар ходимлари, хорижий экспертлар қатнашишди.
Учрашув аввалида томонлар қўшма лойиҳа доирасида бугунги кунгача амалга оширилган ишларни таҳлил қилиб, келгусида бажарилиши зарур бўлган масалаларни белгилаб олдилар. Хусусан, “Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш” лойиҳасида Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг 21 та чекка ҳудудларида жойлашган 157 та маҳалланинг ижтимоий соҳа, йўл инфратузилмаси объектларини барпо этиш ва капитал таъмирлаш йўналишидаги 763 та сублойиҳалар бажарилиши белгиланган.
Қишлоқ хўжалигида бизнес имкониятларини ва иқлимга чидамли ечимларнинг чуқур баҳолаш бўйича ташкил қилинаётган мазкур давра суҳбатида лойиҳага киритилган ҳудудларнинг қишлоқ хўжалиги имкониятлари ва муаммолари экспертлар томонидан таҳлил қилинди. Ўтказилган таҳлиллар натижасида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, иқлимга чидамли экинлар экишни йўлга қўйиш, маҳаллий фермер хўжаликларининг даромад манбаини ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Давра суҳбати якунида иштирокчилар олиб борилган таҳлиллар юзасидан ўзаро фикр алмашиб, ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассисларидан жавоб олишди.