Валюта курслари 20/06/2025
$1 – 12559.26
UZS – -0.47%
€1 – 14413.01
UZS – -0.71%
₽1 – 160.17
UZS – -0.41%
Қидириш
Иқтисод 20/06/2025 Ўзбекистонда пестицидларни бошқариш тизимини мустаҳкамлаш бўйича юқори даражадаги ҳуқуқий семинар бўлиб ўтди

Ўзбекистонда пестицидларни бошқариш тизимини мустаҳкамлаш бўйича юқори даражадаги ҳуқуқий семинар бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрида "Ўзбекистонда пестицидларни бошқариш тизимини мустаҳкамлаш: Соғлиқни сақлаш, атроф-муҳит ва савдо талабларига мувофиқлик бўйича ҳуқуқий ислоҳотлар" мавзусидаги ҳуқуқий семинар бўлиб ўтди.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамкорлигида, Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган «Хавфли кимёвий моддаларни оқилона бошқариш бўйича техник кўмак» лойиҳаси доирасида ташкил этилган ушбу муҳим тадбирда 40 нафарга яқин вазирлик ва идоралар вакиллари, халқаро ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, миллий ва халқаро экспертлар иштирок этди.

Ушбу ҳуқуқий семинарнинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат бўлди:

Пестицидларни бошқариш соҳасидаги ҳуқуқий ва институционал муаммолар, шунингдек, бу йўналишда эришилган ютуқлар ҳақида сиёсатчилар ва манфаатдор томонлар ўртасида хабардорликни ошириш;

Ўзбекистоннинг Роттердам Конвенциясига қўшилиши ва кимёвий моддаларни глобал мослаштирилган тартибда таснифлаш ва ёрлиқлаш тизими (GHS)ни тўлиқ жорий етиш юзасидан мулоқотни рағбатлантириш;

Вазирликлар ўртасида мувофиқлаштириш механизмларини яхшилаш бўйича ҳуқуқий ечимларни кўриб чиқиш;

Пестицидларни рўйхатдан ўтказиш, лицензиялаш, қўллаш ва уларни йўқ қилиш тартибларини халқаро илғор амалиётларга мувофиқ равишда ислоҳ қилиш учун амалий чора-тадбирларни аниқлаш;

Ўта хавфли пестицидлардан босқичма-босқич воз кечиш ҳамда камроқ хавфли пестицидларни рўйхатдан ўтказишни рағбатлантириш бўйича чораларни қўллаб-қувватлаш.

"Бугунги семинар Ўзбекистонда пестицидларни бошқариш тизимини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш йўлидаги муҳим қадамдир. Биз вазирликлар ўртасидаги мувофиқлаштиришни кучайтириш, замонавий лицензиялаш тизимини жорий этиш ва жамоат саломатлиги ҳамда атроф-муҳит хавфсизлигини таъминлаш учун комплекс ёндашувни қўллашга интилмоқдамиз", деди Шерзод Умаров ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари.

Семинарда Ўзбекистоннинг ҳозирги пестицидларни бошқариш тизимидаги танқидий камчиликлар, жумладан, комплекс ҳаёт циклини бошқариш тизимларининг йўқлиги, тартибга солувчи органлар ўртасидаги чекланган мувофиқлаштириш ва халқаро хавфсизлик стандартларига мослаштириш зарурати кўриб чиқилди. Пестицидларни тўғри бошқариш нафақат деҳқонлар ва истеъмолчиларни ҳимоя қилиш учун, балки атроф-муҳит барқарорлигини таъминлаш ва халқаро савдо талабларини бажариш учун ҳам муҳимдир.

Семинар доирасида тўртта тематик сессия бўлиб ўтди. Биринчи сессияда мувофиқлаштирилган ҳуқуқий тизимни шакллантириш масаласи кўриб чиқилди. Иккинчи сессия институционал ҳамкорлик механизмларига бағишланди. Учинчи сессияда лицензиялаш ва назорат амалиётлари муҳокама қилинди. Тўртинчи сессияда эса Роттердам конвенцияси ва GHS тизимига мувофиқлаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Халқаро эксперт Стефан Робинсон ўз маърузасида пестицидларнинг ҳаёт циклини бошқаришдаги глобал тенденциялар, мавжуд имкониятлар ва Ўзбекистон олдида турган вазифаларга тўхталиб ўтди. У ўта хавфли пестицидларга қарши глобал харакат чақириғи ва хавфсизроқ муқобил воситаларга ўтиш муҳимлигини таъкидлади.

ФАОнинг халқаро ҳуқуқий консультанти Ирина Киреева эса ташкилот томонидан ўтказилган ҳуқуқий таҳлил натижалари асосида Ўзбекистон қонунчилигини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш бўйича аниқ тавсиялар тақдим етди.

Семинарда пестицидларнинг барча босқичларини – ишлаб чиқариш ва импортдан тортиб идишлар ва чиқиндиларни хавфсиз йўқ қилишгача – қамраб олувчи кенг қамровли пестицид қонунчилигининг зарурлиги таъкидланди. Иштирокчилар самарали пестицидларни бошқариш нафақат мустаҳкам ҳуқуқий асослар, балки етарли институционал салоҳият, вазирликларароси мувофиқлаштириш ва манфаатдор томонларни жалб қилишни талаб қилишини таъкидладилар.

Семинар якунида иштирокчилар пестицидларни бошқариш соҳасида ҳуқуқий ислоҳотлар ва институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш бўйича дастлабки тавсияларни ишлаб чиқдилар. Яқин вақт ичида ушбу тавсияларни амалга ошириш учун аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади.

Ушбу семинар Ўзбекистонда хавфсиз ва барқарор қишлоқ хўжалиги амалиётларини йўлга қўйиш, жамоат саломатлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шу билан бирга мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги секторининг халқаро стандартлар ва савдо талабларини бажариши борасидаги муҳим қадам ҳисобланади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР