Ўзбекистонда олий таълим тўғрисида янги низом тасдиқланди

Ўзбекистонда олий таълим тўғрисида янги низом тасдиқланди

Ўзбекистонда олий таълим тўғрисида янги низом тасдиқланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Адлия вазирлиги Ўзбекистонда олий таълим тизимини ташкил этиш ва фаолият юритиш тартибини белгилайдиган янги низомни давлат рўйхатидан ўтказди. Ҳужжат таълим жараёнини, бошқарувни, молиявий муносабатларни, шунингдек талабалар ва ўқитувчиларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини тартибга солади.

Низомга кўра, олий таълим бакалавриат ва магистратура босқичларида амалга оширилади. Бакалавриатда ўқиш муддати камида уч йилни ташкил этади. Сиртқи таълим шаклида ўқиш камида бир ўқув йилини, кечки таълим шакли эса кундузги таълимга нисбатан камида ярим йилга узоқроқ давом этади.

Олий таълим кундузги, масофавий, дуал, инклюзив ва бошқа шаклларда амалга оширилиши мумкин. Битирувчиларнинг меҳнат бозори талабларига мос бўлишини таъминлаш мақсадида ўқув дастурлари ва малака стандартлари иш берувчилар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади.

Ҳужжатда талабаларнинг ҳуқуқлари ҳам белгилаб берилган. Улар таълим сифати оширилиши бўйича таклифлар киритиш, таълим жараёни муҳокамаларида иштирок этиш, кутубхона ва ахборот ресурсларидан бепул фойдаланиш, халқаро алмашинув дастурлари ва қўшма лойиҳаларда қатнашиш, раҳбарият қарорлари устидан шикоят қилиш, меҳнат шартномаси асосида ишлаш ва кундузги таълимда таҳсил олганда стипендия олиш ҳуқуқига эга.

Шу билан бирга, талабаларни таълим фаолиятига алоқадор бўлмаган ишларга жалб этиш тақиқланади ва улар олий таълим муассасаларидаги ички қоидалар ҳамда хулқ-атвор меъёрларига риоя этиши шарт.

Таълим жараёни миллий кредит-модул тизими асосида ташкил этилиб, у Европанинг кредитларни ўтказиш ва жамғариш тизими (ECTS) билан мос келади.

Олий таълим муассасаларига академик, ташкилий ва молиявий автономия берилади, бу эса таълим фаолияти ва ресурсларни мустақил бошқариш имконини таъминлайди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг