Ўзбекистонда Нипах вируси қайд этилмаган, эпидемиологик вазият барқарор
Ўзбекистонда Нипах вируси қайд этилмаган, эпидемиологик вазият барқарор
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда Нипах вируси билан касалланиш ҳолатлари қайд этилмаган, деб хабар қилди республика Санитария-эпидемиология қўмитаси.
Мамлакатдаги эпидемиологик вазият барқарор бўлиб қолмоқда, бу эса 54 та чегара назорат пунктларида олиб борилаётган доимий назорат билан таъминланмоқда.
Идора Ҳиндистонга сафар режалаштираётган фуқароларга шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш ва озиқ-овқат маҳсулотлари сифатига эътиборли бўлишни эслатди. Хусусан, қўлларни совун билан яхшилаб ювиш ва антисептик воситалардан фойдаланиш, мева-сабзавотларни истеъмол қилишдан олдин яхшилаб ювиш, ишлов берилмаган сувни ичмаслик, шунингдек, кўршапалаклар тирнаши ёки тишлаши натижасида тешилган мева-чевадан воз кечиш тавсия этилади.
Юқори ҳарорат, кучли бош оғриғи ёки бошқа аломатлар пайдо бўлган тақдирда, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозим.
Халқаро статистика маълумотларига кўра, Нипах вируси соғлиқ учун жиддий хавф туғдиради. У зооноз касаллик бўлиб, ҳайвонлардан инсонга, жумладан, кўршапалаклар орқали, шунингдек, зарарланган маҳсулотлар ва инсондан инсонга юқиши мумкин. Сўнгги йилларда ушбу касаллик ҳолатлари Ҳиндистон ва Жануби-Шарқий Осиёнинг бошқа мамлакатларида мунтазам равишда қайд этилмоқда.
Санитария-эпидемиология қўмитаси чегаралардаги доимий мониторинг ва гигиеник тавсияларга амал қилиш вируснинг мамлакатга кириб келишини олдини олиш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда асосий чоралар эканини таъкидлайди.