Ўзбекистонда немис тилини ўқитиш ва касбий таълим йўналишида қўшма ташаббуслар муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 7 ноябрь куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Гёте институти директори Анна Бернсмаер ҳамда Институтнинг Шарқий ва Марказий Осиё минтақаси бўйича тил бўлими раҳбари Таня Олбрих билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистонда немис тилини ўқитиш, ўқитувчилар малакасини ошириш, таълим муассасаларини дарслик ва техник воситалар билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, туризм ва меҳмонхона хўжалиги техникумлари билан ҳамкорликда Германияда ўтказилган амалиётлар натижалари ҳам кўриб чиқилди.
Вазир Қўнғиротбой Шарипов мамлакатимизда немис тилини ўрганишга бўлган талаб ортиб бораётганини таъкидлади. Шу боис Гёте институти билан ҳамкорликда янги ўқув дастурлари ва ўқитувчилар малакасини ошириш лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янада кенгайтириш, Ўзбекистонда немис тилини ўқитиш ва касбий таълим йўналишида қўшма ташаббусларни амалга ошириш бўйича келишиб олдилар.