Валюта курслари 26/06/2025
$1 – 12531.78
UZS – 0.61%
€1 – 14538.12
UZS – 0.53%
₽1 – 159.82
UZS – 0.92%
Қидириш
Ўзбекистон 26/06/2025 Ўзбекистонда меҳнат миграциясига оид қонунчиликни такомиллаштириш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда меҳнат миграциясига оид қонунчиликни такомиллаштириш режалаштирилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг 8-ялпи мажлисида “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Мазкур Қонун фуқаролар ва мамлакатимизда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чиқиши ҳамда чет эл фуқароларининг ҳамда бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мамлакатимизда меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида жалб этилиши билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий тартибга солади.

Муҳокама жараёнида Қонунни қайта кўриб чиқишни талаб этувчи бир қатор масалалар мавжудлиги таъкидланди.

Жумладан, айрим давлат органларининг мазкур соҳадаги ваколатларини сўнгги маъмурий ислоҳотлардан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, хорижга ишга юборувчи ташкилотларга Миграция агентлигининг хориждаги ваколатхоналари билан ҳамкорликда меҳнат шартларига риоя этилишини ўрганиш ҳуқуқини бериш муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида таъкидланди.

Бундан ташқари, хорижга ишга юборувчи ташкилот томонидан мажбуриятлари бажарилмаган тақдирда, меҳнат мигрантини Ўзбекистонга қайтариш жараёни Агентлик томонидан амалга оширилиши ва харажатларни юборувчи ташкилот маблағлари ҳисобидан қоплаш механизмини Қонунда мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқномани бериш, унинг амал қилишини тўхтатиш, тугатиш ёки бекор қилиш асосларини ҳам қайта кўриб чиқиш зарурлигига эътибор қаратилди. Шу билан бирга, тасдиқнома учун ундириладиган йиғим миқдори юзасидан аниқ ҳуқуқий механизмларни белгилаш зарурлиги қайд этилди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Қонунни қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ, деб топилди ва мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг