Ўзбекистонда кредиторларни ҳимоя қилиш ва инвестицияларни жалб қилиш мақсадида гаров тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллашмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 13 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши (ХИК) қошидаги гаров тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича Ишчи гуруҳнинг илк йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбир Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Марказий банк, ХИК котибияти ҳамда BDO Uzbekistan халқаро консалтинг компанияси ҳамкорлигида ташкил этилди. Мазкур йиғилишнинг мақсади кредиторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инвесторлар ишончини оширишга хизмат қилувчи замонавий ва шаффоф ҳуқуқий базани шакллантиришдан иборат.
Йиғилишда хорижий инвесторлар ва давлат органлари вакиллари иштирок этиб, гаров реэстрини юритиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, гаров ҳисобварақлари, интеллектуал мулк ҳуқуқлари ва юридик шахсларнинг улушларини гаровга қўйиш каби янги гаров турларини жорий этиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Мутахассислар халқаро тажрибани тақдим этиб, уни миллий тизимга мослаштириш бўйича таклифларни илгари сурдилар. Жумладан, кўчмас мулк бўйича мажбурий ёзувларни киритиш, гаров реэстрини ер кадастри ва депозитарий базалари билан интеграциялаш, шунингдек, кўчмас ва кўчар мулк реэстрларини ажратиш каби таклифлар билдирилди.
Қабул қилинган ташаббуслар молиявий операцияларнинг шаффофлигини ошириш, кредит ресурсларига киришни соддалаштириш ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётига хорижий инвестициялар оқимини янада кенгайтиришга хизмат қилади.