Ўзбекистонда контрафакт БАД ишлаб чиқарувчиси 82,4 млн сўм жаримага тортилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк департаменти контрафакт биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш ҳолатини тўхтатди, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати.
Euro Lifecare компанияси ўзининг «Полифер» номли БАДига ўхшаш маҳаллий маҳсулот — «Фолифер» ишлаб чиқарилиши юзасидан шикоят қилди. Компания маълумотларига кўра, мазкур маҳсулот рухсатсиз тарқатилган ва фонетик жиҳатдан оригиналга ўхшашлиги орқали истеъмолчиларни адаштириши мумкин эди.
22 сентябрда ўтказилган текширув натижасида қонунбузарлик тасдиқланди. Адлия вазирлиги компаниянинг ҳаракатларини истеъмолчиларни адаштириш сифатида баҳолаб, «Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилар ва товар келиб чиқиши номлари тўғрисида»ги қонуннинг 37.1-моддасига асосан 200 БРВ (82,4 млн сўм) миқдорида жарима солди.
Бундан аввал, сентябрь ойи бошида, Рақобат қўмитаси «ORSA» препаратига ўхшашлиги сабабли «Триортасол Оросол+Рух» БАДини савдодан чиқаришни топширган, шунингдек, Nika Pharm компаниясини Forsil қўшимчаси рекламада асоссиз иддаолар келтиргани учун жаримага тортган эди.