Валюта курслари 16/09/2025
$1 – 12344.61
UZS – -0.66%
€1 – 14501.21
UZS – -0.45%
₽1 – 149.70
UZS – 1.86%
Қидириш
Ўзбекистонда “Келажак авлод учун ақлли қишлоқ хўжалиги” лойиҳаси якунланди

Ўзбекистонда “Келажак авлод учун ақлли қишлоқ хўжалиги” лойиҳаси якунланди

Ўзбекистонда “Келажак авлод учун ақлли қишлоқ хўжалиги” лойиҳаси якунланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Корея Республикаси Ҳукуматининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Келажак авлод учун ақлли қишлоқ хўжалиги” лойиҳасининг Якуний миллий семинари  бўлиб ўтди. 5 йил давом этган ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг иқлимга мос қишлоқ хўжалиги сари дадил қадам ташлаганини кўрсатди.

Лойиҳа 2020 йилдан буён Ўзбекистонда барқарор иссиқхона сабзавотчилигини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшди. Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидаги 60 дан ортиқ томорқа хўжаликлари бевосита қўллаб-қувватланди. Таъкидлаш жоизки, бенефициарларнинг 65 фоизини аёллар ташкил этди. Лойиҳа доирасида иссиқхоналарни модернизация қилиш, сифатли кўчатлар, томчилатиб суғориш тизимлари ва ўғитлар билан таъминлаш, шунингдек, иқлим назорати, чанглатиш, ўсимликларни озиқлантириш ва зараркунандаларга қарши интеграциялашган кураш амалиётларини ўзлаштиришда ёрдам кўрсатилди.

900 дан ортиқ дала ташрифлари, 32 та дала намойиши, 20 дан ортиқ тренинг машғулотлари ва 12 та тематик ўқув модули орқали 300 дан зиёд деҳқонлар, ёшлар, давлат идоралари ва хусусий сектор вакиллари билим ва кўникмаларини оширди. Лойиҳа доирасида  махсус арилар ёрдамида чанглатиш, рақамли мониторинг воситалари, уруғ ва кўчат етиштириш, шунингдек, ҳосил йиғиб олингандан  кейинги илғор қайта ишлаш технологиялари жорий қилинди.

Натижалар эътиборга молик: томорқа ер эгалари ҳосилдорлик 55–76 фоизга ошганини, даромадлари эса 159 фоизгача кўтарилганлигини эътироф қилишмоқда. Зараркунанда ва касалликлар билан боғлиқ йўқотишлар камайди, етиштирилган маҳсулот сифати ва барқарорлиги ошиб, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Лойиҳа, шунингдек, Ўзбекистонда кичик иссиқхоналарни ривожлантириш бўйича Миллий стратегия ишлаб чиқилишига туртки бўлди. Стратегия иссиқхона инфратузилмасини яхшилаш, иқлимга чидамлиликни ошириш, маслаҳат хизматларини кучайтириш, аёллар ва ёшлар учун арзон молиявий ресурслардан фойдаланишни кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирларни белгилаб берди.

“Ақлли деҳқончилик энди узоқдаги орзу эмас – у айнан бугун Ўзбекистонда амалга ошмоқда, – деди Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшиджон Абдузухуров. – Ушбу лойиҳа шуни исботладики, замонавий технологиялар, ҳамкорлик ва комплекс ёндашув орқали биз ҳосилдорликни оширишимиз, атроф-муҳитни асрашимиз ва қишлоқ оилалари фаровонлигини яхшилашимиз мумкин.”

Семинар Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтидаги Намойиш иссиқхонасига дала ташрифи билан якунланди. Иштирокчилар рақамли воситалар, замонавий суғориш ва чанглатиш тизимлари иссиқхона хўжалигини даромадли ва иқлимга чидамли соҳага айлантираётганини бевосита кузатишди.

“Лойиҳа жамоаси ва бенефициарлар ушбу лойиҳанинг сезиларли натижаларга эришишишида муҳим роль ўйнади. Эндиликда бу ютуқлар Осиё Тараққиёт Банкининг молиявий кўмагида Бахмал туманида ҳам олиб борилади. Бундан ташқари, Ўзбекистонда олинган қимматли тажрибалар ФАОнинг Замбия, Гондурас ва Лесотодаги янги лойиҳаларига ҳам татбиқ этилади,” – деди ФАО етакчи техник ходими Леоне Маглиосчетти Ломби.

Мазкур босқич Ўзбекистоннинг агро озиқ-овқат тизимларини барқарор трансформация қилишга тайёр эканини кўрсатади – бунда инновациялар, ҳамкорлик ва ақлли қишлоқ хўжалиги келажак сари йўлни ёритмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг