Ўзбекистонда ислом банкини жорий этишнинг ҳуқуқий асослари тайёрланмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда ислом банкини ривожлантириш учун қонунчилик базаси тайёрланмоқда.
15 сентябрь куни ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида Ўзбекистонда ислом банкини ривожлантириш учун шарт-шароит яратишга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Бугунги кунда амалдаги қонунчиликда исломий молиялаштиришнинг асосий воситаларидан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи чекловлар мавжуд.
Хусусан, тижорат банкларининг савдо фаолиятида бевосита иштирок этиши ёки қўшма корхоналар ташкил этиши тақиқланади, ислом модели эса савдо ва шерикликни молиялаштиришни назарда тутади.
Янги қонун лойиҳаси ушбу тўсиқларни бартараф этиш ва миллий қонунчилик базасини халқаро стандартларга, жумладан, ААОИФИ ва ИФСБ талабларига мослаштиришни назарда тутади.
Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда ислом банклари ва “Ислом дарча”лари фаолиятини тартибга солиш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг муқобил молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, хорижий сармояларни жалб этиш имконини беради.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (БМТТД) томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 68% ва бизнес вакилларининг 60% диний эътиқоди туфайли анъанавий банк хизматларидан фойдаланишни истамайди.