Ўзбекистонда илк бор “Ҳалол” халқаро аккредитациясига эга сертификатлаштириш органи ташкил этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туркия Ҳалол Аккредитация Идораси (HAA)нинг тегишли қарорига мувофиқ, “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” давлат муассасаси (“UzTest”) ДМ ҳузуридаги Ҳалол сертификатлаштириш идораси Туркия Ҳалол Аккредитация Идораси (HAA) томонидан аккредитациядан ўтган Ўзбекистондаги илк ташкилот сифатида эътироф этилди. Бу ҳақдаги маълумот Туркия Ҳалол Аккредитация Идорасининг расмий веб-сайтида эълон қилинган.
Ҳалол сертификатлаштириш идораси OIC/SMIIC 2:2019 – “Conformity Assessment: Requirements for Bodies Providing Halal Certification” халқаро стандартига мувофиқ аккредитациядан ўтди. Бу эса Ўзбекистонда ҳалол стандартлари бўйича фаолият юритаётган ташкилотлар учун янги босқични англатади.
Ҳозирги вақтда жаҳон бозорида ҳалол стандартлари ва сертификатларига бўлган талаб ортиб бормоқда. Хусусан, маҳсулотларни экспорт қилиш жараёнида ҳар бир маҳсулот турига мос сертификатлар талаб қилинади, улар орасида Ҳалол сертификати ҳам муҳим ўрин тутади. Бу сертификат хорижий, айниқса, Ислом мамлакатларининг стандартлар ва метрология институти (SMIIC)га аъзо давлатларга маҳсулот экспорт қилишда техник тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилади.
Халқаро экспертлар маълумотларига кўра, ҳалол соҳаси жаҳон иқтисодиётида энг тез ривожланаётган йўналишлардан бирига айланди. Ҳозирги кунда ҳалол озиқ-овқат ва ичимликлар саноати ҳажми 2 триллион АҚШ доллари, зиёрат туризм 400 миллиард долларни ташкил этмоқда.
Мазкур натижа Ўзбекистоннинг халқаро стандартлар тизимига интеграция жараёнидаги муҳим қадамларидан бири бўлиб, мамлакат маҳсулотларининг экспортини жаҳон бозорида рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.