Валюта курслари 18/12/2025
$1 – 12059.78
UZS – -0.38%
€1 – 14129.24
UZS – -0.73%
₽1 – 150.07
UZS – -1.63%
Қидириш
Ўзбекистонда ижтимоий объектларда ёнғин хавфсизлиги назорати кучайтирилди

Ўзбекистонда ижтимоий объектларда ёнғин хавфсизлиги назорати кучайтирилди

Ўзбекистонда ижтимоий объектларда ёнғин хавфсизлиги назорати кучайтирилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда Фавқулодда вазиятлар вазири Б.Қудратхўжаевнинг “Аҳолини ёнғинлардан муҳофаза қилиш, хусусан ижтимоий соҳа объектларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш мақсадида ёнғинлар, ис газидан заҳарланиш, техник носозликлар ва бошқа хавфли ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тизимини ривожлантириш концепцияси ҳамда 2025 – 2026 йилларга мўлжалланган фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Бугунги кунда аҳоли ўртасида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш маданиятини ошириш, электр ва газ ускуналаридан хавфсиз фойдаланиш бўйича тушунтириш ишларини кучайтириш мақсадида корхона ва ташкилотлар, маҳалла ва хонадонлар кесимида профилактика ишлари самарали ташкил этилмоқда.

Давлат назорати инспекторлари томонидан рўйхатга олинган 323 093 та корхона ва ташкилотнинг 79 432 тасида батафсил ва назорат тартибидаги текширувлар ўтказилди. Улар давомида корхона ва муассасалар раҳбарларига давлат назорати инспекторларининг ёзма кўрсатмалари тақдим этилиб, кўплаб қонун бузилиши ҳолатларининг бартараф этилишига эришилди.

Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган 51 824 нафар раҳбар, жавобгар шахслар ва фуқаролар 31 млрд. 803 млн. 458 минг сўм миқдорида маъмурий жаримага тортилди. Зудлик билан бартараф этилмаслиги ёнғин содир бўлишига олиб келиши мумкин бўлган 22 642 та бино (иншоот)нинг иш фаолияти вақтинчалик тўхтатилиб, 112 527 та носоз электр ускуна манбасидан узилди.

Олиб борилган профилактик тадбирлар давомида ёнғин хавфсизлиги қоидаларини тарғиб қилиш ва бу борада фуқароларнинг саводхонлигини ошириш мақсадида жами 9 миллионга яқин фуқарони қамраб олган ҳолда суҳбат ва йўл-йўриқлар ўтказилди.

Аҳоли ҳаётини ёнғинлардан ҳимоя қилиш, кенг омма орасида тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида марказий ва маҳаллий телевидение орқали 13 269 та, электрон реклама таблоларида 150 389 та роликлар намойиш этилди.

Шунингдек, ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармаларининг веб-сайтлари ва бошқа ижтимоий тармоқларда тизимда амалга оширилаётган ишлар, фуқароларни огоҳликка чорловчи эълонлар, хабарлар, лавҳалар ва содир бўлган фавқулодда вазиятлар, шу жумладан ёнғинлар ҳақида маълумотлар жойлаштирилди.

Вазирнинг қайд этишича, мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларининг ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши юзасидан режага асосан текширувлар ўтказилиб, таълим ташкилотлари масъуллари билан аксарият объектларнинг ёнғинга қарши аҳволини яхшилашга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилган. Назорат тадбирлари жараёнида объектларда аниқланган 68 минг 536 та қоидабузарликдан 32 059 тасининг бартараф этилишига эришилган.

Олий ва ўрта таълим муассасаларидаги назорат тадбирлари жараёнида объектларда аниқланган 4 минг 252 та қоидабузарликдан 2 175 таси, тиббиёт муассасаларидаги назорат тадбирларида эса объектларда аниқланган 15 минг 402 та қоидабузарликдан 7 284 тасининг бартараф этилишига эришилган.

Депутатлар аҳоли ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш энг устувор вазифа эканини таъкидлаб, профилактик ишлар самарадорлигини ошириш, масъул идоралар, маҳаллий ҳокимиятлар ҳамда жамоатчилик ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.

Шу билан бирга, тизимда олиб борилаётган ишларни жадаллаштириш, аҳолини ёнғинлардан муҳофаза қилиш, айниқса, ижтимоий объектларнинг техник ҳолатини мунтазам ўрганиш ва аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар бердилар.

Мажлисда Фавқулодда вазиятлар вазирининг ахбороти маълумот учун қабул қилинди ва кун тартибидаги масала юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг