Валюта курслари 11/07/2025
$1 – 12634.34
UZS – -0.15%
€1 – 14821.34
UZS – -0.01%
₽1 – 162.37
UZS – 0.3%
Қидириш
Молия 12/07/2025 Ўзбекистонда HUMO токени рўйхатдан ўтказилди

Ўзбекистонда HUMO токени рўйхатдан ўтказилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Миллий тўлов тизими HUMO Ўзбекистон Республикаси давлат облигациялари билан таъминланган рақамли токен — HUMO токенини чиқариш бўйича пилот лойиҳани ишга туширди.

Янги актив — HUMO Digital шўба корхонаси томонидан эмиссия қилинаётган токен — Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) ҳузуридаги ягона рақамли активлар реестрида рўйхатдан ўтказилди. Унга таъминот ва унинг сақланиши юзасидан назорат Asterium криптодепозитарийига юклатилган.

HUMO токени Ўзбекистоннинг МДҲ давлатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи инновацион молиявий восита сифатида тақдим этилмоқда. Давлат облигациялари билан таъминланганлиги туфайли, ушбу актив барқарорлик даражаси юқори бўлган молиявий восита бўлиб, нарх ўзгарувчанлиги билан боғлиқ таваккалчиликлар минимал даражага туширилган.

Лойиҳа халқаро ҳисоб-китоблар учун муқобил, ишончли, шаффоф ва технологик механизмни яратишни кўзлаган. Ўзбекистонда молиявий инфратузилманинг ривожлангани ва HUMO карталарининг кенг тарқалгани (35 миллиондан зиёд фойдаланувчи) инобатга олинса, мазкур восита халқаро тўловларни соддалаштириш ҳамда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишда муҳим роль ўйнаши мумкин. Бу, жумладан, Россия билан ҳамкорлик қилувчи бизнес-структуралар учун ҳам фойдали бўлади.

«Миллий банклараро процессинг маркази» АЖ бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Мақсад Мухитдиновга кўра, HUMO токенининг эмиссия қилиниши мамлакатнинг тўлов экотизимини рақамлаштириш жараёнининг мантиқий давоми ҳисобланади. У таъкидлашича, ушбу қадам миллий молия тизимига илғор блокчейн ечимларини жорий этишга, шу билан бирга хавфсизлик ва ҳуқуқий меъёрларга риоя қилишга йўналтирилган.

Asterium криптодепозитарийи директори Комилхўжа Султонов эса, лойиҳа фақат инновацияларни жорий этиш билан чекланмасдан, балки шаффоф ва барқарор молиявий муҳитни шакллантиришга ҳам хизмат қилишини билдирди. Унинг фикрича, ушбу ташаббус Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш учун янги йўналишларни очиб беради ва Asterium'ни рақамли молия соҳасидаги технологик етакчи сифатида мустаҳкамлайди.

Лойиҳанинг биринчи босқичида токенни ҳисоб-китоб ва интеграцион операцияларда, жумладан, бизнес ва чакана фойдаланувчилар иштирокида қўллаш сценарийлари ишлаб чиқилади. Келгусида эса — токенни рақамли биржаларда жойлаштириш (листинг), мавжуд тўлов ечимлари билан интеграциялаш ва электрон тижорат ҳамда халқаро транзакция соҳасида фаолият юритувчи компаниялар учун унинг функцияларини кенгайтириш режалаштирилган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР