Валюта курслари 24/10/2025
$1 – 12129.33
UZS – 0.23%
€1 – 14061.53
UZS – 0.21%
₽1 – 149.17
UZS – 0.78%
Қидириш
Ўзбекистонда давлат тиббий суғуртаси тизимининг илк натижалари баҳоланмоқда

Ўзбекистонда давлат тиббий суғуртаси тизимининг илк натижалари баҳоланмоқда

Ўзбекистонда давлат тиббий суғуртаси тизимининг илк натижалари баҳоланмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этиш ижобий натижаларни кўрсатмоқда, деди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббий суғурта бошқармаси раҳбари Шуҳрат Алмардонов.

Унинг сўзларига кўра, 2025 йил 1 январдан Янги суғурта модели Қорақалпоғистон Республикасидаги тиббиёт муассасаларида, 1 июлдан Навоий ва Самарқанд вилоятларида, 1 октябрдан эса Бухоро, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида жорий этилди. Бу йўналишдаги ишлар 2024 йил 1 октябрдан Сырдарё вилояти ва Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида бошланган эди.

«Ҳозирги кунга келиб муайян ютуқларга эришилган», — деди Алмардонов.

Давлат тиббий суғуртаси механизми жорий этилган ҳудудлардаги 167 та муассаса билан тиббий хизматлар хариди бўйича шартномалар имзоланиб, бирламчи тиббий-санитария муассасалари “аҳоли жон бошига”, стационарлар “ҳар бир даволанган ҳолат”, айрим муассасалар эса “глобал бюджет” усулида молиялаштирилмоқда.

Натижада бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларига қатновлар 20 фоизга ошгани, тор соҳа мутахассисларига мурожаатлар 12 фоизга, туман ва шаҳар шифохоналарида даволанган беморлар 16 фоизга камайганлигини мамнуният билан таъкидламоқчимиз.

Бундан ташқари, поликлиникаларда эса беморларни “Реимбурсация” дастури асосида 28 турдаги дори воситалари билан бепул таъминлаш амалиёти жорий этилди ҳамда шу йилнинг 6 ойида 348 минг нафар беморга 718 мингта рецепт шакллантирилиб, 18 млрд. сўмлик дори-дармон берилди.

« Бу саъй-ҳаракатларимиз қандай самара бераётганлигини туман ва шаҳар шифохоналарига инфаркт билан ётқизилган беморлар 2,5 фоизга, бош мия қон айланиши бузилиши билан мурожаат қилганлар 3,2 фоизга камайганининг ўзи кўрсатиб турибди. Бошқа бир қатор хасталиклар бўйича ҳам ана шу каби ижобий ҳолатни кузатиш мумкин», — деб таъкидлади вазирлик вакили.

Асоссиз госпитализациялар сони 40 фоиздан 18 фоизгача қисқарган. Даволаш-профилактика муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида 51 миллиард сўмлик 22,5 минг дона компьютер ускуналари етказиб берилди, маҳаллий тармоқ яратилди ва муассасалар «Ягона тиббий тизим» (DMED)га уланди. Бирламчи бўғиндаги 45 мингдан ортиқ ходим IT-йўналишида ўқув курсларидан ўтди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат тиббий суғуртаси янги механизмини 2026 йил якунига қадар бутун мамлакат ҳудудида тўлиқ жорий этишни режалаштирмоқда. Шу билан бирга, ушбу жараёнда катта масъулият ва касбий фидойилик муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг