Ўзбекистонда CIMMYT халқаро маркази офиси очилади

Ўзбекистонда CIMMYT халқаро маркази офиси очилади

Ўзбекистонда CIMMYT халқаро маркази офиси очилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Халқаро маккажўхори ва буғдой маркази (CIMMYT) ўртасида муҳим келишувга эришилди. Унга кўра, яқин истиқболда мамлакатимизда ушбу нуфузли халқаро ташкилотнинг расмий офисини очиш режалаштирилмоқда.

Мазкур ташаббус қишлоқ хўжалигида илмий ёндашувларни кенгайтириш, инновацияларни жорий этиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Халқаро маккажўхори ва буғдой маркази (CIMMYT) дунёдаги етакчи илмий-тадқиқот муассасаларидан бири бўлиб, буғдой ва маккажўхори экинлари бўйича юқори ҳосилдор, касалликларга ҳамда иқлим ўзгаришларига чидамли навларни яратиш билан шуғулланади.

Марказ глобал миқёсда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигида барқарорликни ошириш ва замонавий агротехнологияларни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

Мазкур келишувга айни кунларда Уруғчиликни ривожлантириш маркази директори Шуҳрат Отажонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Мексикага амалга оширган хизмат сафари доирасида эришилди.

Ташриф давомида томонлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илмий изланишларни кенгайтириш ҳамда илғор тажрибаларни жорий этиш масалалари юзасидан муҳим музокаралар ўтказилди.

Шунингдек, ташриф доирасида CIMMYT билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган меморандум имзоланди. Мазкур ҳужжат илмий тадқиқотлар, инновацион ишланмалар, технологиялар трансфери ҳамда кадрлар тайёрлаш йўналишларида ҳамкорликни кенгайтиришни назарда тутади.

Умуман олганда, ушбу ташаббус ва эришилган келишувлар Ўзбекистонда буғдой селекцияси ва уруғчилик тизимини ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш ҳамда халқаро илмий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг