Ўзбекистонда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган қонунчиликка ўзгартишлар таклиф этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги амалдаги қонунчиликка болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартишлар киритиш ташаббуси билан чиқди. Бу ҳақда агентлик директори биринчи ўринбосари Шахноза Мирзиёева Instagram орқали маълум қилди.
У ўз мурожаатида жамиятда долзарб бўлган муаммони кўтариб чиқди: «Мен кўпинча шундай савол устида ўйланаман: катта инсон қайси пайтда болада инсонни кўрмай қўяди? Қачон асабийлик зўравонликка баҳонага айланади?»
Шахноза Мирзиёева таъкидлашича, болани ҳимоя қилиш ташқи шарт-шароитларга боғлиқ бўлмаслиги керак: «Бола ҳимоя ҳуқуқига “етиб бориши” шарт эмас. Бу ҳуқуқ унга биринчи нафасиданоқ тегишли бўлиши керак — ҳеч қандай шарт-шароитларсиз».
Унинг сўзларига кўра, сўнгги ойларда Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича ўз фаолиятини изчил равишда кучайтирмоқда ва энди бу иш сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда.
Ташаббус доирасида агентлик болаларга нисбатан зўравонлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган Жиноят кодекси ва Жиноят-процессуал кодексига ўзгартишлар устида иш олиб бормоқда. Мақсад — бундай жиноятлар учун жазони муқаррар, адолатли ва максимал даражада оғир қилиш, енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олиш имкониятини йўққа чиқаришдир.
Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакиллари иштирокида идоралараро ишчи гуруҳ тузилган. Асосий таклифлар қаторига болага шикаст етказган шахсларга нисбатан санкцияларни кучайтириш, зўравонлик содир этганларга болалар билан ишлаш ҳуқуқидан умрбод маҳрум этиш ҳамда жабрланувчиларни реал ҳимоя қилиш ва жавобгарликни таъминлайдиган ягона протоколларни жорий этиш киради.
«Мен ишонмайманки, зўравонлик тасодиф. Бу — ҳар доим катта инсоннинг онгли танловидир. Демак, жавоб сифатида бошқа қарор қабул қилиниши керак — буни тўхтатиш. Уни оқламаслик. Кўз юммаслик. Чунки аксинча қилсак, одам дейиш ҳуқуқимизни йўқотиш хавфи бор», — дея ўз сўзини якунлади Шахноза Мирзиёева.