Ўзбекистонда бизнес учун асосий муаммо сифатида электр энергияси ва газ таъминотидаги узилишлар сақланмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Электр энергияси ва газ таъминотидаги узилишлар ҳали ҳам бизнес учун энг катта тўсиқ бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда Марказий банкнинг 2025 йилнинг иккинчи чорагидаги бизнес кайфиятлари таҳлилига бағишланган ҳисоботида қайд этилган.
Тадқиқотга кўра, апрель-июн ойларида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида бизнес юритиш шароити яхшиланганини респондентларнинг 51 фоизи таъкидлади. Бу биринчи чоракдаги кўрсаткичдан 5 фоизлик пунктга юқори. Мусбат баҳолар асосан банк хизматлари сифати ошиши ва кредитлаш имкониятларининг кенгайиши билан боғлиқ бўлиб, бу каби ижобий ўзгаришларни сўровда қатнашганларнинг 56 фоизи қайд этган.
Шу билан бирга, маъмурий тартибга солиш, бозордаги монополия даражаси, солиқ маъмуриятчилиги, лицензия ва рухсатномалар олиш жараёнларида сезиларли ўзгаришлар кузатилмади.
Газ ва электр таъминоти ҳолати бўйича эса уч чорак давомида кузатилган пасайишдан кейин маълум даражада яхшиланиш кузатилган. Шунингдек, йўл инфратузилмаси яхшиланганини қайд этган респондентлар улуши саккиз фоизлик пунктга ошди. Ёқилғи ва энергия истеъмоли ўсиш суръатлари пасайганига қарамай, қишлоқ хўжалиги, етказиб бериш хизмати, савдо ва умумий овқатланиш соҳаларида энергия сарфи юқори бўлиб қолмоқда.
Юк ташиш ҳажмлари етти пунктга ўсди, айниқса қишлоқ хўжалиги, маиший хизмат ва логистика йўналишларида. Шу билан бирга, ишчи кучига талаб ҳам ана шу тармоқларда, шунингдек, ишлаб чиқариш соҳасида ортиб борди.
Марказий банк қишлоқ хўжалиги, туризм, маиший хизмат ва IT-секторда буюртмалар ҳажми сезиларли ўсганини таъкидлади.
Апрель-июн ойларида тадбиркорларнинг кредит ва қарз мажбуриятлари ҳам тез суръатларда ўсди. Хусусан, кредит юкламалари ортиб борганини билдирган корхоналар улуши 26 фоиздан 36 фоизга кўтарилди.
Бироқ ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси пасайди. Тўлиқ қувватда ишлаётган корхоналар улуши 52 фоиздан 43 фоизга тушиб кетди. Бу ҳолат алоқа ва ахборотлаштириш, коммунал хизматлар, таълим ва қурилиш соҳаларига салбий таъсир кўрсатди.
Сўровда иштирок этганлар бизнес учун асосий тўсиқ сифатида газ ва электр таъминотидаги узилишлар, ижара ҳақининг ўсиши, автомобиль ёқилғиси нархининг кўтарилиши, шунингдек, маъмурий аралашувни қайд этишди. Маъмурий аралашув бўйича шикоятлар ҳам кўпайган.
Респондентларнинг ярмидан кўпроғи ёқилғи ва энергия истеъмоли янада ортиши мумкинлигини кутмоқда. Бироқ буюртмалар ҳажми ва қўшимча ишчи кучига талаб бўйича прогнозлар бироз пасайган. Яқин вақтда эса қишлоқ хўжалиги, маиший хизмат, тиббиёт ва туризмда юқори фаоллик кутилмоқда.
Қўшимча кредитларга эҳтиёж сезаётган компаниялар сони бироз ортган. Айниқса, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, қурилиш ва етказиб бериш соҳаларида қарз маблағларига талаб ўсиши кутилмоқда.
Келгуси уч йил ичида сўровда қатнашганларнинг 57 фоизи (+4 фоизлик пункт) иқтисодий ва бизнес истиқболлари яхшиланишига умид қилаётганини билдирган. Шу билан бирга, салбий ўзгаришларни кутувчилар улуши икки баробарга қисқариб, 19 фоиздан 9 фоизга тушди. Қолган 27 фоиз эса ўзгариш бўлмаслигини тахмин қилган.