Ўзбекистон зўравонлик қурбони бўлган аёлларни қўллаб-қувватлаш ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни кўриб чиқмоқда
Ўзбекистон зўравонлик қурбони бўлган аёлларни қўллаб-қувватлаш ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни кўриб чиқмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис (парламент) Қонунчилик палатаси тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда боланинг энг устун манфаатларини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда аёлларни реабилитация қилиш марказларига зўравонликдан жабрланган шахслар манфаатларини кўзлаб судларга давлат божи тўламасдан мурожаат қилиш ва суд мажлисларида уларнинг вакили сифатида иштирок этиш ҳуқуқи берилиши назарда тутилмоқда. Шунингдек, жабрланувчилар махсус марказларда бўлган даврда иш жойи ва лавозимини сақлаб қолиш кафолатланмоқда.
Бундан ташқари, миллий қонунчиликка “боланинг энг устун манфаатлари” тушунчасини киритиш орқали болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқий асослар такомиллаштириляпти.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини давлат томонидан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланади. Шунингдек, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги миллий қонунчилик халқаро стандартларга уйғунлаштирилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.