Валюта курслари 11/03/2026
$1 – 12158.13
UZS – -0.27%
€1 – 14166.65
UZS – 0.39%
₽1 – 153.98
UZS – -0.14%
Қидириш
Ўзбекистон хорижий хизматларни солиққа тортишга аниқлик киритди

Ўзбекистон хорижий хизматларни солиққа тортишга аниқлик киритди

Ўзбекистон хорижий хизматларни солиққа тортишга аниқлик киритди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда хорижий электрон сервисларни солиққа тортиш тартиби юзасидан расмий тушунтириш берилди. Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Давлат солиқ қўмитаси мамлакатда электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий компаниялар, жумладан стриминг сервисларини солиққа тортиш тартибини изоҳлаб берди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 26 декабрдаги 885-сонли қарорига мувофиқ, 2025 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритувчи электрон тижорат операторлари учун хабардор қилиш тартиби жорий этилди. Бироқ ушбу қоида хориждан туриб электрон хизматлар кўрсатадиган хорижий компанияларга татбиқ этилмайди.

Бундай хорижий юридик шахслар фаолияти Солиқ кодекси нормалари билан тартибга солинади. Кодекснинг 278 ва 279-моддаларига кўра, электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий таъминотчилар қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сифатида қаралади ва мамлакат солиқ органларида ҳисобга қўйилиши лозим.

Рўйхатдан ўтиш махсус электрон сервис орқали соддалаштирилган тартибда амалга оширилади ва бу жараён Ўзбекистон ҳудудида юридик шахс ёки тадбиркорлик тузилмасини ташкил этишни талаб қилмайди.

Агар хизматлар хорижий воситачилар орқали кўрсатилса, қўшилган қиймат солиғини тўлаш мажбурияти воситачи зиммасига юкланади. Бундай воситачи ҳам Ўзбекистон солиқ тизимида ҳисобга қўйилиши керак бўлади.

Солиқ кодексининг 282-моддаси солиққа тортиладиган электрон хизматлар рўйхатини аниқ белгилаб беради. Улар қаторига дастурий таъминот, ўйинлар ва маълумотлар базаларидан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда уларнинг янгиланишлари, электрон китоблар, мусиқа ва аудиовизуал материалларга масофавий кириш имконияти, интернет-реклама, реклама жойларини тақдим этиш, маркетплейс хизматлари, хостинг, домен номлари, булутли маълумот сақлаш хизматлари, қидирув тизимларига кириш, веб-сайтлар статистикасини юритиш ва бошқа рақамли сервислар киради.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг