Валюта курслари 26/06/2025
$1 – 12531.78
UZS – 0.61%
€1 – 14538.12
UZS – 0.53%
₽1 – 159.82
UZS – 0.92%
Қидириш
Иқтисод 26/06/2025 Ўзбекистон — Венгрия: ўзаро дўстлик ва манфаатли ҳамкорлик алоқалари кенгаяди

Ўзбекистон — Венгрия: ўзаро дўстлик ва манфаатли ҳамкорлик алоқалари кенгаяди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 25 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов Венгриянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Йожев Рожа билан учрашди.

Учрашувда таъкидланганидек, сўнгги йилларда икки давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродалари, олий даражадаги учрашувлари туфайли Ўзбекистон — Венгрия ўртасидаги стратегик шериклик ва амалий ҳамкорлик изчил ривожланиб, барча даражаларда фаол мулоқотлар давом этмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил май ойида Венгрияга ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириб, икки томонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиқди.

Венгрия Элчисига янги таҳрирдаги Конституция ва “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Қонунчилик палатасининг таркибий тузилиши, унинг қонун ижодкорлиги ва парламент назорати йўналишидаги фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтилди.

Ўз навбатида, Й.Рожани илиқ ва дўстона муносабат учун миннатдорлик билдириб, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда барча соҳаларда олиб борилаётган тарихий ислоҳотлар ва унинг натижаларини юқори баҳолади.

Унинг таъкидлашича, жорий йил апрель ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси юқори даражада ташкил этилган бўлиб, ушбу тадбир Ўзбекистоннинг халқаро майдонда ва парламент дипломатиясини ривожлантиришдаги фаол ролини тасдиқлаган.

Учрашувда икки томонлама муносабатларни чуқурлаштириш, олий даражада эришилган келишувларни амалга оширишда парламентлараро дўстлик гуруҳлари ишини фаоллаштириш, парламент дипломатияси салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳимлиги таъкидланиб, парламентлараро алоқаларни янада кенгайтиришга оид истиқболдаги режалар белгилаб олинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг