Ўзбекистон ва ЮНEСКО мактабгача таълим марказини ташкил қилади
Ўзбекистон ва ЮНEСКО мактабгача таълим марказини ташкил қилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова Париж шаҳрида ЮНEСКО ташкилоти Бош директори Ҳошим Ал-Анани билан учрашди.
Тадбир доирасида Тошкентда ЮНEСКО шафелигидаги II-тоифали “Мактабгача таълимни ривожлантириш минтақавий маркази”ни ташкил этиш тўғрисидаги битим имзоланди.
Ушбу ташаббус 2025 йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ЮНEСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросими доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилган эди.
Осиё ва Тинч океани минтақасида илк бора ташкил этилаётган ушбу марказ:
мактабгача таълим соҳасидаги ислоҳотларни халқаро тажриба ва экспертиза билан қўллаб-қувватлайди;
Ўзбекистонни эрта ёшдаги таълим соҳасида минтақавий «хаб» сифатида шакллантиради;
БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларидан 4.2-maqsadi (барча болалар учун сифатли эрта ривожланиш ва тайёрлов таълими) ижросини жадаллаштиради.
Учрашув давомида Бош директор Ҳошим Ал-Анани Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ЮНEСКО билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлаб, давлат раҳбарининг халқаро таълим, маданият ва фан соҳасидаги ташаббускорлигини юксак баҳолади.