Ўзбекистон ва Япония рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар
Ўзбекистон ва Япония рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Муҳтор Элчиси Хирата Кенжи билан учрашиб, икки давлат ўртасида рақамли технологиялар, телекоммуникация, таълим, сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда вазир мамлакатимизда чет тилларини ўрганишни оммалаштиришдаги аҳамияти ҳақида маълумот берди. Шу билан бирга, япон тилига бўлган талаб ортиб бораётгани таъкидланди. Шу муносабат билан, Япониядан волонтёрлар ва компанияларни Ўзбекистоннинг аҳоли тез ўсаётган ва олис ҳудудларига жалб қилиш масалалари муҳокама этилди.
Вазир IT Park томонидан япон компанияларига қулай шарт-шароитлар яратилаётганини қайд этди. Хусусан, юртимизнинг олис ҳудудларида бизнес юритиш харажатлари пастлиги, бу эса узоқ муддатли ҳамкорлик учун катта имкониятлар яратиши қайд этилди. Маҳаллий ҳокимиятлар ҳам ёшларни ўз ҳудудида банд қилиш ташаббусларини қўллаб-қувватлаётгани таъкидланди.
Учрашувда дата-марказлар қуриш, телеком инфратузилмасини модернизация қилиш, интернет тезлиги ва барқарорлигини ошириш, шунингдек, сунъий интеллект хизматларини экспорт қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Японияда ва Европада энергия ва дата-марказ харажатлари юқорилиги компанияларни Ўзбекистондаги инфратузилмадан фойдаланишга қизиқтириши мумкинлиги қўшимча қилинди.
Шунингдек, делегация ташриф давомида UZINFOCOM– ягона интегратор фаолияти билан танишди. Компаниянинг амалга ошираётган лойиҳалари тақдим этилди. Шу билан бирга, делегацияга UzSoc’нинг асосий йўналишлари ва имкониятлари ҳақида ҳам маълумот берилди.
Элчи Хирата Кенжи С5+Япония саммити арафасида ушбу учрашувнинг ўта муҳим эканини таъкидлаб, ташрифни самарали ташкил этиш мақсадида вазирлик томонидан олиб борилаётган тайёргарлик ишларини юқори баҳолади.
Элчи ўз нутқида Япония компанияларининг ҳам Ўзбекистонга қизиқиши изчил ортиб бораётганини таъкидлади ҳамда уларни юртимизга жалб қилиш бўйича Элчихона имкониятлари доирасида таклифлар билдиришини қўшимча қилди.
Учрашув якунида томонлар рақамли технологиялар, телекоммуникация, сунъий интеллект, таълим ва инновациялар соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканини билдирди.