Ўзбекистон ва Япония рақамли ҳамкорликни янги босқичга кўтармоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов бошчилигидаги делегация Японияда бир қатор учрашувлар ўтказди.
Дастлаб, Япония Ички ишлар ва алоқа вазири ўринбосари Имагава Такуо билан учрашув бўлиб ўтди. Томонлар рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва инновацион таълим соҳаларидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси тақдим этилиб, таълимда сунъий интеллект стратегиясини биргаликда ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди. Япония вакиллари тажриба алмашиш, инновацион ғояларни синовдан ўтказиш ва келгусида кенг кўламли ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, делегация Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлиги (METI) Халқаро алоқалар бўйича вазир ўринбосари Матсуа Такеҳико билан учрашув ўтказди.
Суҳбат чоғида Япония бозори учун рақобатбардош АТ-мутахассислар тайёрлаш, қўшма ўқув дастурларини жорий этиш ва АТ оутсоурсинг лойиҳаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. METI ушбу йўналишларда фаол ҳамкорликка тайёр эканини маълум қилди.
“Global South Future-Oriented Co-Creation Program” доирасида янги рақамли ва IТ-таълим ташаббусларини ишлаб чиқиш бўйича ҳам келишувга эришилди.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Япониянинг FPT Consulting Japan, Daiwa House и Aioi Nissay Dowa Insurance компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида рақамли кадрлар тайёрлаш, масофавий хизматлар (BPO) йўналишидаги имкониятларни кенгайтириш ҳамда рақамли хизматларни экспорт қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Daiwa House компанияси рақамли ишлаб чиқариш жараёнларини Ўзбекистонга кўчириш режасини кўриб чиқди.
Aioi Nissay Dowa Insurance томонидан эса транспорт ҳаракатини таҳлил қилиш тизими асосидаги пилот лойиҳа натижалари тақдим этилди.
Учрашувлар якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, IТ хизматлар экспорти ва инновацион лойиҳалар соҳасида янги ташаббусларни амалга оширишга келишиб олдилар.