Ўзбекистон ва Япония қишлоқ хўжалиги ва илмий-техникавий соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш ниятида
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 16 октябрь куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Касимов Япониянинг Silk Road Foundation жамғармасининг қишлоқ хўжалиги ва ҳудудий ривожланиш бўйича директори, Япония собиқ қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Ёшитсугу Минагава билан учрашув ўтказди.
Музокаралар чоғида Ўзбекистонда пиллачиликни йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, илмий ва технологик алмашинувни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Япониянинг илғор технологияларини Ўзбекистонга жорий этиш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди. Шунингдек, таълим дастурларини ишлаб чиқиш, инновацион кластерлар ва илмий-тадқиқот марказларини яратиш каби ташаббуслар доирасида инвестицион ва илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон томони Япония вакилларини 2025 йил охирида ўтказилиши режалаштирилаётган “Япония ва Марказий Осиё” саммитида иштирок этишга таклиф этди. Томонлар ушбу форум доирасида пиллачилик йўналишидаги қўшма лойиҳалар ва янги ташаббусларни илгари суриш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.