Ўзбекистон ва Хитой таълим вазирлари Самарқандда ҳамкорликнинг янги босқичларини муҳокама қилдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқандда ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси билан бир вақтда ўтказилаётган халқаро учрашувлар доирасида Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Хитой Халқ Республикаси таълим вазири Хуай Сзинпин билан музокаралар олиб борди.
Суҳбат чоғида икки мамлакат ўртасидаги таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, хусусан, муҳандислик таълими, рақамли технологиялар, касбий таълим ва педагог кадрлар тайёрлаш соҳаларидаги истиқболли йўналишлар муҳокама қилинди.
Қўнғиротбой Шарипов сўнгги йилларда Ўзбекистон–Хитой ҳамкорлиги изчил институционал тус олганини таъкидлаб, 2024–2025 йилларда амалга оширилган ютуқлар ҳақида маълумот берди.
Шу жумладан, икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида 29 та қўшма таълим дастури йўлга қўйилгани, Урганч давлат университетида Пекин университети ҳамкорлигида Мухаммад ал-Хоразмий номидаги Халқаро математик марказ очилгани таъкидланди.
Учрашувда шунингдек, Циан нефть университетининг Самарқанддаги филиали ҳамда Пекин технология институти билан ҳамкорликда Инженерлик инновациялар лабораториясини ташкил этиш режалари муҳокама қилинди.
Томонлар касбий таълим соҳасидаги “Ўзбек–Хитой касбий таълим альянси” фаолиятини ривожлантириш, “Хитой устахоналари” лойиҳасини ҳар бир ҳудудда жорий этиш ва рақамли таълим йўналишида ҳамкорликни кучайтириш юзасидан келишиб олдилар.
Қўнғиротбой Шарипов, шунингдек, Хитой тилини ўқитишни янада ривожлантириш, синхрон таржимонлар ва юқори малакали лингвистлар тайёрлаш борасида ҳам амалий қадамлар ташлашни таклиф этди.
Учрашув якунида икки вазир ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, шу жумладан, Тошкент шаҳрида 2-3 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган Иккинчи Ўзбекистон–Хитой таълим форуми доирасида аниқ ташаббусларни илгари суришга келишиб олдилар.