Ўзбекистон ва Хитой қиймати 5 млрд доллар бўлган фойдали қазилмалар соҳасида 13 та лойиҳани келишиб олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент ва Пекин энергетик хомашё, жумладан, кўмир, уран ва бошқа стратегик муҳим минералларни қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш бўйича йирик қўшма ташаббусларни тайёрлади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг кончилик ва геология саноати вазири Бобир Исломов «O’zbekiston 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, томонлар умумий қиймати тахминан 5 млрд доллар бўлган 13 та янги лойиҳани амалга ошириш юзасидан келишиб олди.
Вазир таъкидлашича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга расмий ташрифи янги истиқболларни очиб бериб, қўшма ҳамкорликнинг қўшимча йўналишларини ишга тушириш учун шароит яратмоқда.
Давлат раҳбари China National Nuclear Corporation (CNNC) раиси Шэн Яньфэн билан музокаралар ўтказди. Суҳбатда геология вазири ҳам иштирок этди.
Учрашувда замонавий технологияларни Ўзбекистонга олиб кириш, уран конларини ўзлаштириш, истиқболли ҳудудларда геология-қидирув ишларини олиб бориш ҳамда тинч атом соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Исломов таъкидлашича, хитойлик ҳамкорлар билан амалга ошириладиган лойиҳалар Ўзбекистоннинг кончилик соҳаси ривожини жадаллаштириб, унинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлайди.