Ўзбекистон ва Хитой минтақалараро даражада янги инвестиция лойиҳалари ва транспорт ташаббусларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 1–2 июнь кунлари “Silk Road Samarkand” халқаро сайёҳлик марказида Иккинчи Ўзбекистон–Хитой ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди. Ушбу форум Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, инвестиция ва бизнес алоқаларини кенгайтиришга қаратилган.
Форумда икки мамлакатнинг бизнес доиралари, давлат органлари, ҳудудий маъмуриятлар, илмий ва таълим муассасаларидан 2800 нафардан ортиқ вакиллар иштирок этди.
Ўзбекистон делегациясига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев раҳбарлик қилди. Тадбирда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Илзат Қосимов ҳам иштирок этди.
Форум очилиш маросимида сўзга чиққан Жамшид Хўжаев, бугунги кунда Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ва инвестициявий ҳамкори эканини таъкидлади. Сўнгги беш йил мобайнида икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки баробарга ошган бўлиб, 2024 йил якунида 13 миллиард АҚШ долларига етди. 2017 йилга нисбатан Хитойнинг Ўзбекистонга йўналтирган тўғридан-тўғри инвестициялари 5 баробарга, қўшма корхоналар сони эса 3 баробарга кўпайиб, 3700 тадан ошди.
Ўзбекистон ва Хитой энергетика, кимё саноати, машинасозлик, тўқимачилик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, маиший техника ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қатор қўшма лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширмоқда.
“Жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб вазият ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун янги имкониятлар яратмоқда”, — деди спикер. У форум доирасида ташкил этилган савдо-иқтисодий форум ва икки мамлакат маҳсулотлари кўргазмаси янги йирик лойиҳалар бўйича келишувлар тузиш учун самарали майдонча бўлишига ишонч билдирди.
Форум доирасида «Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон» темир йўлини қуриш бўйича стратегик аҳамиятга эга лойиҳа амалий фазага киргани алоҳида таъкидланди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг минтақавий логистика маркази сифатидаги ролини янада мустаҳкамлайди.
Шунингдек, Ўзбекистон–Хитой шерикчилиги икки халқ фаровонлигига хизмат қилиши ва янги лойиҳалар, технологиялар ҳамда илмий ишланмалар орқали келгусида янада мустаҳкамланиши қайд этилди.
1 июнь куни форум доирасида Шенси, Ички Монголия, Синжон-Уйғур автоном райони, Нинся-Ҳувей, ҳамда Шандун, Хейлунтсзян ва Гансу каби Хитой провинциялари раҳбарлари билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилди. Ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама этилди.
Шунингдек, Shaanxi Construction Engineering, Yalan Textile, Shaanxi Coal and Chemical Industry каби 20 га яқин Хитой компаниялари вакиллари билан музокаралар олиб борилди.
Форум доирасида қатор келишувлар имзоланди ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди. Тадбир Ўзбекистон ҳудудлари ва Хитой провинциялари ўртасидаги кенг қамровли шерикликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди ҳамда узоқ муддатли ҳамкорликка бўлган юқори қизиқиш ва ишончни яна бир бор намоён этди.
Шунингдек, илм-фан ва таълим, инновациялар, қишлоқ хўжалиги ва аёлларни қўллаб-қувватлаш йўналишларида панель сессиялар ҳам ўтказилди. Бу эса икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг кенг қамровли ва кўп қиррали эканини яққол кўрсатди.