Ўзбекистон ва Хитой маданият марказларини ташкил этиш тўғрисида келишув имзолади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи доирасида Хитой Халқ Республикасига амалий сафар қилди.
Ташриф чоғида вазир Назарбеков Хитой Халқ Республикаси маданият ва туризм вазири Сун Ели билан икки томонлама учрашув ўтказди.
Озодбек Назарбеков таъкидлашича, икки мамлакат раҳбарлари ташаббуслари туфайли маданий ҳамкорлик изчил ривожланмоқда, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги маданий алмашинув бора-бора кенгайиб бормоқда. Ҳар икки мамлакат вазирларининг мунтазам учрашувлари дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларнинг ёрқин тасдиғидир.
Алоҳида эътибор 7 июль куни Циндао шаҳрида (ХХР) ШҲТга аъзо давлатлар маданият вазирлари учрашувига қаратилди. Ушбу анжуман самарали иш олиб борилгани қайд этилди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Хитой ҳукуматлари маданият марказларини ташкил этиш тўғрисидаги тарихий келишувни имзолади. Бу ҳужжат икки томонлама маданий алоқаларни янада кенгайтириш учун янги имкониятлар очади.
Вазир Сун Ели таъкидлашича, мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар нафақат иқтисодий, ижтимоий ва таълим соҳаларида, балки маданий йўналишда ҳам жадал суръатлар билан ривожланмоқда. У 2024 йилда Пекинда ўтказилган «Ўзбекистон маданияти кунлари»ни юқори баҳолаб, жорий йилда Ўзбекистонда «Хитой маданияти кунлари»ни ўтказишни таклиф этди.
Озодбек Назарбеков бу ташаббусни тўла қўллаб-қувватлади ва Ўзбекистон томонидан зарур амалий ёрдам кўрсатилишини ваъда қилди.
Шунингдек, томонлар қўшма маданий лойиҳалар, маданий таълим ва инвестициявий ташаббуслар соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиб, илгари сурилган таклифларни ижобий кўриб чиқишга келишиб олдилар.