Ўзбекистон ва Хитой чарм ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни ишга туширишни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 27 июнь куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Хуррам Тешабаев Хитой Чарм саноати Уюшмаси раис ўринбосари Лиу Суилун билан учрашув ўтказди.
Суҳбатда саноат кооперациясини ривожлантириш истиқболлари, Андижон ва Оҳангарон шаҳарларидаги кичик саноат зоналарида пойабзал ва чарм-галантерея маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қаратилган қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш ҳамда йирик халқаро бозорлар сари чиқиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Халқаро брендлар талабларига жавоб берадиган маҳсулотлар сифатини ошириш мақсадида Хитойдан технолог ва дизайнер мутахассисларни жалб қилиш режалаштирилмоқда.
Томонлар ҳамкорлик бўйича "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш ва юқори қўшилган қийматга эга Ўзбекистон чарм маҳсулотлари экспортини Хитой бозорига кенгайтиришга келишиб олдилар.