Ўзбекистон ва Халқаро молия корпоратсияси электромобиллар ва яшил технологиялар соҳаларини ривожлантиришни жадаллаштирмоқда
Ўзбекистон ва Халқаро молия корпоратсияси электромобиллар ва яшил технологиялар соҳаларини ривожлантиришни жадаллаштирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 11 декабрь куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Саноат сиёсатини амалга ошириш департаменти вакиллари Халқаро молия корпорацияси (ХМК) делегацияси билан учрашув ўтказди. Делегацияга ХМКнинг Ўзбекистондаги «Яшил бинолар» ва электромобиль сектори ривожи бўйича маслаҳат лойиҳаларига раҳбарлик қилувчи Сакши Варма бошчилик қилди.
Учрашув Жаҳон банки гуруҳига кирувчи ХМК ва Ўзбекистон ўртасида 2024 йил 23 октябрда имзоланган ҳамкорлик битими доирасида олиб борилаётган амалий ишларни муҳокама қилишга бағишланди.
Мулоқот чоғида томонлар Ўзбекистонда электромобиль секторини ривожлантириш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш жараёнлари юзасидан фикр алмашди. Шунингдек, электр транспорт воситалари бозорини шакллантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар имкониятларини кенгайтириш ва истеъмолчилар учун қулай шароит яратиш бўйича ХМК таклифлари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, зарядлаш станциялари тармоғини кенгайтириш учун ер ажратиш жараёнларини соддалаштириш ва уларнинг самарадорлигини ошириш, электромобиль инфратузилмаси ривожида хусусий сектор иштирокини кучайтириш, инвестицияларни жалб қилиш ва тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
ХМК вакиллари Ўзбекистоннинг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегиясини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Электромобиль сектори мамлакатда экологик барқарорлик ва энергия самарадорлигини оширишда асосий йўналишлардан бири экани қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар «йўл харитаси»ни амалий босқичга ўтказиш, тартибга солувчи ҳужжатларни такомиллаштириш, техник регуляцияларни халқаро стандартларга мослаштириш, янги инвестицион лойиҳаларни тайёрлаш бўйича яқин ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.