Ўзбекистон ва халқаро банклар иқтисодий ислоҳотларда ҳамкорликни чуқурлаштиришга келишиб олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 19 май куни Бош вазир ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Жаҳон банки ҳамда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) делегацияси вакиллари билан учрашди. Делегацияларга Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татяна Проскурякова ва ОТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Канокпан Лао-Арая бошчилик қилди.
Учрашувда хорижий томондан Жаҳон банкининг операцион масалалар, соғлиқни сақлаш, давлат молияси ва шаҳар ривожланиши бўйича етакчи мутахассислари, шунингдек, ОТБнинг инфратузилма, давлат бошқаруви ва барқарор ривожланиш бўйича малакали экспертлари қатнашди. Ўзбекистон томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов, вазир ўринбосарлари Ахадбек Хайдаров, Илҳомжон Умрзаков, Отабек Фазилкаримов ва Самандар Садуллаев, вазир маслаҳатчиси Жасур Каршибаев ҳамда вазирликнинг бошқа вакиллари иштирок этди.
Учрашув Ўзбекистондаги кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлашга қаратилган халқаро молия институтлари билан мулоқот доирасида ўтказилди.
Унда томонлар ислоҳотлар дастурини амалга ошириш учун янги молиявий инструментлар ва қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этиш бўйича ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди.
Жаҳон банкининг самарали молиялаштиришга замонавий ёндашувларни, хусусан, миллий бошқарув тизимларига асосланган ҳолда аниқ, ўлчанадиган натижаларга эришилгандан сўнг молиялаштириладиган воситаси – “Натижага асосланган кредитлаш дастури” («Програм-фор-Ресултс», ПфорР) механизмини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув доирасида Жаҳон банки мутахассиси Мин Жао “Натижага асосланган кредитлаш дастури”ни қўллаш бўйича Хитой тажрибасини тақдим этди. Бу механизм миллий дастурларни амалга оширишга самарали тарзда жорий қилинган эди.