Ўзбекистон ва Венгрия Самарқандда Smart City моделини жорий этиш масаласини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Венгрия Самарқандда Smart City моделини жорий этиш масаласини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Венгрия давлат бошқаруви ва ҳудудий ривожланиш вазири Т. Наврачич, Сирдарё вилояти ҳокими Э. Турдимов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги директори в. б. У. Хусаинов иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Дастлаб икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ва дўстона муносабатлар изчил ривожланиб, янги босқичга кўтарилаётгани қайд этилди. Бу жараёнлар мамлакатлар Етакчиларининг ўзаро ишончга асосланган сиёсати ва олиб бораётган изчил дипломатик саъй-ҳаракатлари самараси эканлигига алоҳида урғу берилди.
Муҳокамалар давомида Венгриянинг "Смарт қишлоқлар" моделини Сирдарё вилояти Ховос туманида пилот лойиҳа шаклида амалга ошириш, бошқарув самарадорлигини ошириш, давлат бошқарувини модернизация қилиш, рақамлаштириш масалаларига тўхталинди.
Учрашув натижасида Сирдарё вилояти Ховос туманида 50 га ер майдонида Ўзбекистон-Венгрия технопаркини ташкил этиш, Венгриянинг Будапешт шаҳрида тадбиркорлар иштирокида бизнес-форум ташкил қилиш, Гулистон давлат университетида Венгриянинг МАТE университети балиқчилик факультетини ташкил қилиш ҳамда бир қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Шунингдек, учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ва Венгриянинг Давлат бошқаруви ва ҳудудий ривожлантириш вазирлиги ўртасида давлат бошқаруви ва давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув Меморандуми имзоланди.
Меморандум доирасида иштирокчилар давлат хизмати, инсон ресурсларини бошқариш ва давлат бошқаруви соҳаларида қўшма тадбирлар, лойиҳалар ва ўқув дастурларини амалга оширади. Шунингдек, инновацион бошқарув усуллари, инсон капитали самарадорлигини ошириш ҳамда ҳудудларни ривожлантириш йўналишларида ҳамкорлик қилинади.