Ўзбекистон ва Венгрия аграр ва ҳудудий ривожланиш йўналишида ҳамкорликни кенгайтиради
Ўзбекистон ва Венгрия аграр ва ҳудудий ривожланиш йўналишида ҳамкорликни кенгайтиради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Венгрия давлат бошқаруви ва ҳудудий ривожланиш вазири Тибор Наврачич билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, айниқса қишлоқ хўжалиги ва ҳудудий ривожланиш йўналишларида қўшма ташаббусларни кенгайтириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Мулоқот аввалида Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, қўшма лойиҳаларнинг босқичма-босқич амалга оширилиши юзасидан кенг қамровли фикр алмашилди. Томонлар, айниқса, аграр таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорликнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, мазкур йўналишда олиб борилаётган ишларга батафсил тўхталиб ўтдилар.
Учрашувда қишлоқ ҳудудларида камбағалликни қисқартириш, аҳолининг бандлигини ошириш ва янги иқтисодий имкониятлар яратишга қаратилган чора-тадбирлар учрашув кун тартибининг асосий мавзусини ташкил этди. Мулоқот давомида ушбу йўналишда ишлаб чиқилаётган замонавий механизмлар, уларнинг амалий натижалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Вазир Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида аҳолига яратилаётган қўшимча даромад манбалари ва инновацион ёндашувлар ҳақида батафсил маълумот берди. Хусусан, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасига кириб келишига кўмаклашувчи стартап лойиҳаларнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, ёш мутахассислар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг билим ва кўникмаларини амалиётга татбиқ этиш орқали қишлоқ жойларида барқарор ривожланишга эришиш масалалари ҳам муҳим йўналиш сифатида қайд этилди.
Учрашувда таъкидланганидек, ўзини ўзи бошқариш тизимини такомиллаштириш, маҳаллий даражада бошқарувнинг самарадорлигини ошириш бўйича Венгриянинг илғор тажрибаси Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар учун муҳим амалий аҳамиятга эга. Шу нуқтайи назардан, икки томон экспертлари иштирокида институционал бошқарув, маҳалла тизими фаолиятини рақамлаштириш ва самарадорликни ошириш бўйича алоҳида ишчи гуруҳлар фаолиятини йўлга қўйиш таклиф этилди.
Шунингдек, томонлар қишлоқ хўжалигида маълумотлар бошқаруви, агротехник жараёнларни мониторинг қилиш, ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган рақамли ечимларни жорий этиш бўйича Венгрия билан ҳамкорликни кучайтиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Томонлар келгусида ўзаро тажриба алмашиш, экспертлар алмашинуви, қўшма дастурларни ишлаб чиқиш ва инвестицион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича дастлабки келишувларга эришди.