Ўзбекистон ва UBAF банклараро ҳамкорликни ривожлантиришни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 4 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири маслаҳатчиси Абдулла Хошимов Union de Banques Arabes et Françaises (UBAF) компаниясининг минтақавий директорларидан бири Оливе Гризар ва Оливе Топуз билан учрашди.
Учрашув давомида UBAF компаниясининг Ўзбекистонда ўз фаолиятини кенгайтириш нуқтаи назаридан унинг ривожланиш стратегияси, халқаро миқёсдаги ютуқлари ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистоннинг халқаро савдо алоқаларини янада фаоллаштириш, экспорт-импорт йўналишларини кенгайтириш ҳамда Европа, Шарқий ва Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқдилар.
Шунингдек, халқаро савдони қўллаб-қувватлашда қўлланиладиган замонавий молиявий воситалар - ҳужжатли аккредитивлар, халқаро кафолатлар, савдо ва экспорт кредитлари, шунингдек, экспорт-кредит агентликлари ва кўп томонлама молиявий институтлар билан ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар банклараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, экспортни молиялаштиришда инновацион механизмларни жорий этиш ва молия соҳаси мутахассисларининг малакасини ошириш борасида ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.