Валюта курслари 26/08/2025
$1 – 12305.80
UZS – -0.42%
€1 – 14389.17
UZS – 0.41%
₽1 – 152.56
UZS – -0.61%
Қидириш
Ўзбекистон 26/08/2025 Ўзбекистон ва Туркия соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Ўзбекистон ва Туркия соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида вазир Асилбек Худаяров Туркия Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Уфук Улуташ билан учрашув ўтказди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Туркиянинг ўзаро ҳамда турли халқаро ташкилотлар доирасидаги алоқалари тобора кенгайиб, янгича маъно-мазмун касб этмоқда. Айниқса, икки давлат Президентларининг саъй-ҳаракати билан охирги йилларда ҳамкорлигимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилди.

Натижада бошқа соҳаларда бўлгани каби тиббиёт йўналишида ҳам ўзаро алоқалар мустаҳкамланиб, салмоқли ютуқлар қўлга киритилаётир. Айниқса, тиббиёт марказлари ва олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорлик тобора кенгаймоқда. Кўплаб Туркия фармацевтика компаниялари юртимизга кириб келиб, ўз фаолиятини давом эттираётир.

Учрашувда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида Туркия тажрибаси қўл келаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Ўтган йилдан бошлаб туркиялик мутахассислар ҳамкорлигида бирламчи тиббий ёрдамни ислоҳ қилиш, тиббий суғурта тизимини жорий этиш, соҳани рақамлаштириш, шифохоналарда кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш, уларни режалаштириш, фармацевтика саноатини ривожлантириш, дори воситалари билан таъминлаш ҳамда шошилинч тиббий ёрдамни бугунги кун талаби даражасида йўлга қўйиш йўналишларида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТIKA) томонидан “Саломатлик ҳафталиги” ташкил этилган бўлиб, ўтган 9 йил давомида 730 дан ортиқ операция, 3 минг 500 дан зиёд маслаҳат ҳамда салкам 600 та тренинглар ўтказилди.

Ўзбекистон ва Туркия cоғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида 2024 —2025 йилларга мўлжалланган “Ҳаракат дастури” ишлаб чиқилган бўлиб, унинг доирасида ҳам эътиборга молик ишлар амалга ошириляпти. Масалан, шу йилнинг февралида Бухоро ва Самарқанд вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари бошчилигидаги делегация тажриба алмашиш ҳамда малака ошириш мақсадида ушбу давлатда бўлиб қайтди.

Икки давлат соғлиқни сақлаш тузилмалари ўртасидаги ҳамкорлик фан ва таълим йўналишларида ҳам кенгайиб бораётгани мулоқот давомида алоҳида айтиб ўтилди.

Масалан, 2019 йилда Туркия тиббиёт фанлари университети ректори Ж. Эрдолнинг саъй-ҳаракати билан Бухоро тиббиёт институти негизида қўшма факультет ташкил этилган ва ҳозир бу ерда талабалар қўшма дастур асосида таҳсил олмоқда.

Бугун нафақат давлат тиббиёт муассасалари, балки нодавлат тузилмалар ўртасида ҳам муносабатлар кучайиб бораётгани эътиборга молик.

Умуман, мулоқот давомида алоҳида эътироф этилганидек, Ўзбекистон ва Туркиянинг соғлиқни сақлаш йўналишидаги ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг