Ўзбекистон ва Тожикистон халқаро автомобиль транспортини ривожлантиришни муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Тожикистон халқаро автомобиль транспортини ривожлантиришни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йил 22 – 23 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида халқаро автомобиль ташувларини ривожлантириш масалалари бўйича Қўшма комиссия йиғилиши ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг биринчи ўринбосари М.Омаров ва Тожикистон Республикаси транспорт вазири ўринбосари Ш.Саидмуродзода раҳбарлигида бўлиб ўтган йиғилишда автомобиль транспорти соҳасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш билан боғлиқ жиҳатлар кўриб чиқилди.
Хусусан, томонлар “Джартепа (Ўзбекистон) – Саразм (Тожикистон)” чегара ўтказиш пунктининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, халқаро автомобиль ташувларида алмашинадиган рухсатнома бланкларини электрон тизимга ўтказиш, рухсатнома бланкалари сонини ошириш, “Хитой – Тожикистон – Ўзбекистон” мультимодал транспорт коридори орқали пилот ташувларини ташкил этиш ва бошқа масалалар муҳокама этишди.
Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ва зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.