Ўзбекистон ва Тожикистон солиқ соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 17–19 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасига Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Солиқ қўмитаси делегацияси ташриф буюрди. Ташрифнинг мақсади — тажриба алмашиш ва солиқ маъмуриятчилиги соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдир.
Учрашувлар давомида томонлар ҳамкорликнинг долзарб йўналишларини муҳокама қилдилар. Тожикистонлик ҳамкасблар рақамли омборхона фаолияти тажрибаси ҳамда резидентлик сертификатидан фойдаланиш тартибини тақдим этдилар.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Солиқ қўмитаси мутахассислари Онлайн-НКТни жорий этиш, солиқ тўловчилар билан «маҳаллабай» тизими асосида ишлаш, идоралараро интеграция механизмлари, валютани назорат қилиш ҳамда текширувдан олдинги таҳлил самарадорлиги борасидаги тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Шунингдек, Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий компанияларга ҚҚС ҳисоблаш масалалари ҳам алоҳида муҳокама қилинди.
Ташриф доирасида Тожикистон делегацияси «Янги технологиялар» илмий-ахборот марказида бўлиб, солиқ тизимида жорий этилаётган инновацион ечимлар билан яқиндан танишди.
Мазкур профессионал мулоқот солиқ соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва замонавий ёндашувларни ривожлантириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.