Валюта курслари 27/06/2025
$1 – 12586.41
UZS – 0.44%
€1 – 14758.82
UZS – 1.52%
₽1 – 160.42
UZS – 0.38%
Қидириш
Иқтисод 27/06/2025 Ўзбекистон ва TCS: Логистика ҳамкорлигида янги босқич

Ўзбекистон ва TCS: Логистика ҳамкорлигида янги босқич

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Карачи шаҳрида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Акобир Тўхтаев ва Жанубий Осиёнинг етакчи логистика компанияларидан бири — TCS (Tranzum Courier Service) ўртасида муҳим учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот чоғида логистика, инвестиция, электрон тижорат ва экспортга йўналтирилган тармоқлардаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

1983 йилда ташкил этилган TCS компанияси 200 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритиб, юк ташиш, B2B/B2C логистика, электрон тижорат ва трансчегара савдо соҳаларида хизматлар кўрсатади. У Жанубий Осиёда ишончли ва тезкор логистика хизмати сифатида тан олинган.

Учрашув давомида Ўзбекистон делегацияси томонидан мамлакатимизнинг инвестиция ва экспорт салоҳияти тақдим этилди. Жумладан, логистика хизматларига юқори эҳтиёж мавжуд ва экспорт салоҳияти ўсиб бораётган тўқимачилик, қурилиш, чарм-пойабзал ва қишлоқ хўжалиги тармоқлари таништирилди.

Учрашув давомида Ўзбекистон томони TCS компаниясига қуйидаги ташаббусларни илгари сурди:

Навоий ёки Термезда логистика хаби очиш,

Покистон — Ўзбекистон — ЕОИИ давлатлари йўналишида қўшма пилот логистика маршрутини амалга ошириш,

Электрон тижорат ва рақамли логистикада ҳамкорликни йўлга қўйиш,

TCS фаолиятини Ўзбекистонда ташкил этишда Савдо-саноат палатаси томонидан институционал кўмак кўрсатиш.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва TCS ўртасида имзоланган англашув меморандуми қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, логистика хабларини жойлаштириш, рақамли логистика тизимларини жорий этиш ва экспорт жараёнларини соддалаштириш бўйича амалий ҳамкорликка асос бўлиб хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг