Ўзбекистон ва Словения Люблянада бўлиб ўтган ҳукуматлараро комиссия йиғилишидан сўнг иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар
Ўзбекистон ва Словения Люблянада бўлиб ўтган ҳукуматлараро комиссия йиғилишидан сўнг иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 18 ноябрь куни Любляна шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Словения Ҳукуматлараро иқтисодий ҳамкорлик комиссияси йиғилишида ИССВ раҳбари Лазиз Кудратов иштирок этди.
Томонлар савдо, транспорт, қишлоқ хўжалиги, рақамли трансформация, таълим ва бошқа истиқболли йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар ва мулоқотни янада фаоллаштиришга тайёрликларини билдирдилар.
Ташриф доирасида ИССВ раҳбари Словениянинг Бош вазир ўринбосари - ташқи ва европа ишлари вазири Таня Фаён билан учрашди. Музокараларда фармацевтика, логистика, критик минераллар бўйича кооперацияни ривожлантириш, шунингдек, ўзбек маҳсулотларини ЕИ бозорига олиб чиқишни қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди.
Тадбир якунида Комиссия йиғилиши баённомаси ҳамда икки давлат қишлоқ хўжалиги вазирликлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди.
Шунингдек, Словения компаниялари билан қатор учрашувлар ўтказилиб, рақамлаштириш, авиация, кадрлар тайёрлаш, фармацевтика, энергетика ва суғурта йўналишларида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.