Ўзбекистон ва Швейцария иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга интилади
Ўзбекистон ва Швейцария иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга интилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 30 март куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Швейцария Конфедерациясининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Константин Оболенский билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида томонлар Ўзбекистон ва Швейцария ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантиришнинг стратегик истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Музокараларда ўзаро товар айирбошлаш кўрсаткичларига алоҳида эътибор қаратилди.
2025 йил якунларига кўра, мамлакатлар ўртасидаги савдо айланмаси ҳайратланарли даражада ўсиб, 84 фоизга юқорилади ва 591,4 миллион долларни ташкил этди. Бугунги кунда республикамизда Швейцария инвесторлари иштирокидаги 114 та корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Учрашув давомида Швейцариянинг етакчи концернлари билан фармацевтика, биотехнологиялар, саноатни автоматлаштириш, энергетика, геология ва тоғ-кон саноати ҳамда озиқ-овқат тармоғи каби йўналишларда шерикликни кенгайтириш устувор вазифа сифатида белгилаб олинди.
2026 йилда ўтказилиши режалаштирилган Тошкент халқаро инвестиция форумига кўрилаётган тайёргарлик масаласи кун тартибидаги муҳим бандлардан бири бўлди.
Томонлар янги инвестициявий ташаббусларни тақдим этиш мақсадида қатор ихтисослашган тадбирларни ташкил этишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Мулоқот якунида узоқ муддатли ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш ва янги қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга ўзаро тайёрлик билдирилди.