Ўзбекистон ва Швеция рақамлаштириш ва IТ-хизматлар соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқанд шаҳрида ўтаётган БМТнинг Давлат хизмати форуми доирасида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Швеция Миграция вазири Ёхан Форсселл билан учрашув ўтказди.
Суҳбат чоғида томонлар Ўзбекистонда давлат хизматларини рақамлаштириш, аҳолига электрон хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ва ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан фикр алмашдилар.
Шу билан бирга, IТ хизматлар экспорти ҳажмини ошириш масаласи муҳокама қилинди. Хусусан, Швеция билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда Европа бозорларига чиқиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Йиғилишда масофавий касбларга алоҳида эътибор қаратилиб, маҳаллий ёшларни шу ердан туриб юқори маошли ва рақобатбардош иш ўринлари билан таъминлаш бўйича ташаббуслар ҳам муҳокама қилинди.
Ёхан Форсселл Ўзбекистондаги рақамли трансформация жараёнларига ижобий баҳо берди ва ушбу соҳада тажриба алмашиш ҳамда икки томонлама ҳамкорликни кучайтиришга тайёр эканлигини таъкидлади.