Ўзбекистон ва Швеция қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистоннинг Швециядаги элчиси Раҳматулла Нуримбетов билан учрашди. Унда икки давлат ўртасида қишлоқ хўжалигидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Швеция илғор аграр технологиялар, кооператив бошқарув ва барқарор ишлаб чиқариш модели билан танилган. Бу тажрибани Ўзбекистон шароитига мослаштириш бўйича фикрлар билдирилди.
Хусусан, чорвачилик, наслчилик, уруғчилик ва балиқчилик йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги қайд этилди. Совуққа чидамли насллар, селекция ишлари ва тоза ем ишлаб чиқариш тажрибаси ўзбек фермерлари учун аҳамиятлидир.
Швеция кооператив тизимининг афзалликлари алоҳида таъкидланди. Бу тажрибани босқичма-босқич жорий этиш орқали фермерларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш мумкин.
Шунингдек, рақамли технологиялар, айниқса дронлар, автоматлаштирилган техника ва ресурс тежамкор механизмларни далаларда қўллаш ҳақида келишувларга эришилди. Илмий алмашинув ва мутахассислар тайёрлашга оид таклифлар ҳам илгари сурилди.
Учрашув якунида ишчи гуруҳ тузишга ва ҳамкорлик бўйича музокараларни тизимли давом эттиришга келишилди.