Ўзбекистон ва Shanghai LinkWise Data Intelligence IТ соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Shanghai LinkWise Data Intelligence IТ соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Касимов “Shanghai LinkWise Data Intelligence” компанияси раиси Ванг Хуҳуи билан учрашди.
“Shanghai LinkWise Data Intelligence” – корхона ва давлат секторлари учун интеллектуал ҳисоблаш инфратузилмаси, сунъий интеллект (АI), катта маълумотлар (Биг Дата) ва юқори қувватли дата-марказлар ечимларини тақдим этувчи компания ҳисобланади.
Музокаралар чоғида компаниянинг Ўзбекистондаги фаолияти, хусусан Қорақалпоғистон Республикасида 300 МВт қувватга эга маълумотлар марказини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш жараёни ҳамда ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар қурилиш ишларини жадаллаштириш ва жорий йилнинг иккинчи чорагида дастлабки қувватларни ишга тушириш бўйича келишувга эришдилар.
Шунингдек, Хитой томони Ўзбекистонга ахборот технологиялари соҳасидаги бошқа ҳамкор компанияларни жалб этишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди. Бу эса замонавий рақамли инфратузилмани шакллантириш ва мамлакатнинг юқори технологиялар секторини ривожлантиришга хизмат қилади.