Ўзбекистон ва Saudi Riyadh Cables 122 миллион долларлик лойиҳани имзоладилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 27–28 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев бошчилигидаги делегация инвестициявий ва саноат ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида Саудия Арабистонига ишчи ташриф билан борди.
Делегация таркибида Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Шохрух Гуламов ҳам иштирок этди.
Музокаралар чоғида Саудия Арабистони инвестициялар вазири Холид Ал-Фалиҳ ҳамда қиролликнинг йирик компаниялари раҳбарлари билан саноат, энергетика, инфратузилма, соғлиқни сақлаш ва меҳнат миграцияси соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ташриф якунида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Riyadh Cables Group ўртасида Тошкент шаҳрида юқори вольтли кабель маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳа амалга ошириш тўғрисида битим имзоланди. Лойиҳа қиймати 122 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, йилига 24 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади ҳамда 340 та янги иш ўрни яратилади.
Шунингдек, энергетика, сув таъминоти, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилма соҳаларини қамраб олувчи 20 дан ортиқ қўшма лойиҳаларни ўз ичига олган Амалий ҳаракатлар режаси тасдиқланди.