Ўзбекистон ва Россиянинг ривожланиш агентликлари 2026 йилга мўлжалланган режа имзоладилар
Ўзбекистон ва Россиянинг ривожланиш агентликлари 2026 йилга мўлжалланган режа имзоладилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директори Баходир Рахматов Москва шаҳрида Россиянинг Стратегик ташаббуслар агентлиги директори Светлана Чупшева билан учрашди.
С. Чупшева мамлакатимиз вакилларини қутлаб, икки агентлик ўртасида ишончли шериклик ва дўстона муносабатлар ўрнатилгани, сўнгги йилларда янада мустаҳкамланиб бораётганини эътироф этди.
Б. Рахматов Россия томонини “Ҳамма учун очиқ” биринчи форуми муваффақиятли ўтаётгани билан табриклаб, бунинг ижтимоий аҳамиятини алоҳида қайд этди. Ўзаро ҳамкорликда кўплаб муҳим лойиҳалар амалга оширилгани, бу алоқаларни янада кенгайтириш учун замин бўлишини таъкидлади.
Учрашувда агентликлар ўртасидаги шерикликнинг 2025 йилги натижалари сарҳисоб қилинди. Бу ҳамкорлик кичик бизнес, туризм, экология, урбанизация ва ижтимоий соҳаларни қамраб олган.
Жумладан, жорий йилда юртимизда “Бизникиларни бил” миллий брендлар танлови биринчи марта ўтказилди, унда ғолиб бўлган 10 та компания Россия бозорига кириш учун сертификат олди.
Креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикасининг қонуни ва Президент фармони қабул қилинди. Санкт-Петербург шаҳрида креатив иқтисодиёт бўйича бўлиб ўтган халқаро конференцияда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди. Мамлакатимизда Креатив саноат паркини ташкил этиш бўйича иш олиб борилмоқда.
Мулоқотда ўзаро манфаатли алоқаларни давом эттириш ва кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги билан Россиянинг Стратегик ташаббуслар агентлиги ўртасида 2026 йилга мўлжалланган амалий чора-тадбирлар режаси имзоланди.
Жумладан, режа 7 та муҳим йўналишни қамраб олган: Тадбиркорликни ривожлантириш ва маҳаллий брендларни қўллаб-қувватлаш, “Бизникиларни бил” танловининг иккинчи босқичини ўтказиш, Кичик ва ўрта шаҳарларни ривожлантириш, Шаҳарлар бошқарувини рақамлаштириш; Технологик ҳамкорлик бўйича қўшма моделни шакллантириш, Экологик фаровонлик ва иқлим барқарорлигини таъминлаш, Дарахтзор ва кўкаламзорлар тизимини барпо этиш, Бизнеснинг ижтимоий капитали стандартини ишлаб чиқиш.
Мазкур лойиҳа ва дастурлар самарали тажрибаларни татбиқ этиб, иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, атроф-муҳит ва ижтимоий соҳаларни яхшилашга хизмат қилади.