Ўзбекистон ва “Росатом” тиббиёт ҳамда озиқ-овқат соҳаси учун радиацион стерилизация марказини яратади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергетикаси агентлиги — “Ўзатом” ва Россиянинг “Росатом” давлат корпорацияси тиббий буюмлар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини радиацион усулда қайта ишлаш учун кўп функцияли стерилизация марказини яратиш лойиҳасини амалга оширишни бошлайди. Бу ҳақда “Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмадхожаєв Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми (СХИФ) доирасида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, мазкур лойиҳага оид ҳужжатни 2025 йил 20 июнь куни форум тадбирлари доирасида имзолаш режалаштирилгани ҳақида ТАСС ахборот агентлиги хабар берди.
«Биз айнан 20 июнь куни нурлантириш бўйича кўп функцияли марказ ҳақидаги ҳужжатни имзолаймиз. “Росатом” билан биргаликда стерилизация мажмуаси лойиҳасини амалга оширамиз — бу тиббий буюмлар ва озиқ-овқат маҳсулотларига тааллуқли», — деди Аҳмадхожаєв.
Унга кўра, янгиланадиган мажмуа йилига 10 минг тоннадан ортиқ маҳсулотни қайта ишлаш қувватига эга бўлади. Бу эса маҳсулот хавфсизлиги ва сифатини таъминлашда, шунингдек, экспорт салоҳиятини кенгайтиришда замонавий технологиялардан фойдаланиш имконини яратади.
Бу лойиҳа Ўзбекистонда юқори санитар ва гигиеник стандартларга жавоб берадиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга, соғлиқни сақлаш ва озиқ-овқат тармоқларида халқаро талабларга мувофиқлашишга хизмат қилади.