Ўзбекистон ва Қозоғистон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугун Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Марказий Осиё давлатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг Тошкент шаҳрида ўтаётган йиғилиши доирасида Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Ербол Тасжуреков билан учрашув ўтказди.
Суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, мавжуд қўшма лойиҳаларнинг жорий ҳолатини таҳлил қилиш ҳамда уларни кенгайтириш бўйича келгусидаги режаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар аграр соҳада ўзаро манфаатли йўналишларни аниқлаб, гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш, паррандачилик, боғдорчилик, қайта ишлаш саноати ҳамда логистика тизимини такомиллаштириш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар. Шунингдек, импорт-экспорт ҳажмини ошириш, маҳсулотлар сифатини ошириш ва стандартлаштириш борасида ҳамкорлик механизмларини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Учрашувда икки мамлакат илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида тажриба алмашиш, чорвачиликда инновацион технологияларни татбиқ этиш, шунингдек, кадрлар тайёрлаш ва малака ошириш соҳаларида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича таклифлар билдирилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Қозоғистон аграр тармоғидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда минтақавий озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда биргаликда ҳаракат қилиш муҳимлигини таъкидладилар.