Ўзбекистон ва Қатар сармоя ва савдо соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Қатар Давлати ўртасида савдо-иқтисодий ва техник ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирга Ўзбекистон томондан Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов, Қатар томондан эса ташқи савдо бўйича давлат вазири доктор Аҳмад бин Муҳаммад Ал Саид ҳамраиси сифатида бошчилик қилдилар.
Йиғилишда савдо, инвестициялар, банк соҳаси, қишлоқ хўжалиги, экология, транспорт, туризм ва ахборот технологиялари йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Натижада қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва шерикликни янада чуқурлаштириш бўйича аниқ чораларни назарда тутувчи комиссиянинг иккинчи йиғилиши баённомаси имзоланди.
Томонлар қўшма саноат корхоналарини ташкил қилиш, инфратузилмани ривожлантириш ҳамда «яшил» энергетика ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида қатар капиталининг иштирокини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Ҳозирда Қатарнинг компаниялари Ўзбекистонда 2,4 миллиард доллар миқдоридаги лойиҳаларни амалга оширмоқда. Шунингдек, энергетика, логистика, геология, ИТ ва соғлиқни сақлаш соҳаларида умумий қиймати 7,6 миллиард долларлик 28 та инвестиция ташаббуслари портфели шакллантирилган.