Ўзбекистон ва Қатар Qatar Airways каналлари орқали туризмни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев Доҳа шаҳрида ўтказилган «Ўзбекистон-Қатар» халқаро туризм форуми доирасида қатарлик тадбиркор ва жамоат арбоби Заид Ал-Ҳамдан билан самарали учрашув ўтказди.
Заид Ал-Ҳамдан шунингдек, “Armasite Group” раиси, “Canadian Qatari Business Council” раҳбари ҳамда АҚШнинг «US21» корпорациясининг минтақавий вакили сифатида фаолият юритади.
Суҳбат давомида асосий эътибор Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини Қатарда тарғиб қилиш масалаларига қаратилди. Томонлар Ўзбекистонни Буюк Ипак йўлининг бой мероси, ислом маданияти ва замонавий саёҳат, дам олиш ҳамда зиёрат инфратузилмасига эга бўлган ноёб маданий-тарихий йўналиш сифатида барқарор имиджини шакллантириш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Заид Ал-Ҳамдан Ўзбекистонни Қатар Аирвайс авиакомпанияси бортида ва рақамли каналларида тарғиб қилишга, жумладан, борт журналида мақолалар, самолётдаги кўнгилочар тизимда видеороликларни жойлаштириш орқали Ўзбекистонни араб мамлакатларидан келадиган сайёҳлар учун янги жозибадор манзил сифатида тақдим этишга қизиқиш билдирди.
Бу мамлакатнинг сайёҳлик жозибадорлигини кенг халқаро аудиторияга, шу жумладан транзит йўловчилар ва араб мамлакатларидан бўлган потенциал саёҳатчиларга етказиш имконини беради.