Ўзбекистон ва Полша қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосини ривожлантирмоқда
Ўзбекистон ва Полша қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосини ривожлантирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ҳамда Полша қишлоқ хўжалиги ва қишлоқларни ривожлантириш вазири Стефан Краевски ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.
Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар.
Асосий эътибор ўзаро қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари айланмасини кўпайтириш, етказиб бериш ҳажмини кенгайтириш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш ва логистикани ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилди.
2025 йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 382,7 миллион долларни ташкил этди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда энергетика, тўқимачилик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фармацевтика ва агросаноат тармоқларида Полша капитали иштирокидаги 49 та корхона фаолият кўрсатмоқда.
Учрашувда тақсимот марказларини ташкил этиш, компанияларнинг халқаро кўргазмалардаги иштироки ҳамда ишбилармон доиралар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Музокаралар якунида икки томонлама шерикликни ривожлантиришга қаратилган янги ташаббусларни илгари суриш бўйича ўзаро тайёрлик билдирилди.